Мехрибон
Mehribon-sheisnomad.jpg

Мен – оддий қишлоқ қизиман. Қишлоғимиз Хоразмнинг туркман чегарасидаги чекка бир жойида жойлашган. Қишда лой, ёзда чанг кўчаларни кечиб, мактабга қатнардим. У замонлар “Болалар далада ишламасин”, “Мажбурий меҳнат” дейдиган одам бўлмаган. Ҳар куни мактабдан сўнг бўйимдан катта кетмонни судраб, далага ишлагани кетардим. Ёзги уч ой таътил эса фақат далада ўтган.

Деҳқон оиласида туғилиб, ўсганим боис томорқа ишларини ҳам болаликдан эплашни бошлаганман. Оиламиз кўп фарзандли бўлгани учун биз болалар ҳам рўзғор ташвишларини елкамизга олишимизга тўғри келган. Бунинг натижасида меҳнатдан қочмайдиган, тер тўкиб ишлайдиган хислатларим пайдо бўлди. Бу эса журналистик фаолиятимда айниқса асқотди.

Болалигим осон ўтмагани учун бўлса керак, бу даврни эслашни кўп ҳам хушламайман. Болалик давримдан ёрқин бир хотира – бу қишлоғимиздаги мўъжазгина кутубхона билан боғлиқ. Бугун биз ёзғираётган собиқ иттифоқ даврининг эсласа арзигулик ягона томони: у даврларда ҳамма китоб ўқирди. Қишлоқ кутубхонаси энг севимли масканим бўлган. Китоб инсон дунёқарашини ўзгартиради. Балки шу боис ўзим яшаган муҳит қобиғини ёриб чиқишга журъат топганман.

Отам раҳматли журналистика касбини танлашимда доим мени қўллаган. Бошида онам бироз қаршилик қилган. Бироқ ўжарлигим боис онам ҳам кўнишга мажбур бўлган. Олийгоҳни тугатгач, журналистик фаолиятим “Хоразм ТВ”да дикторликдан бошланган, кейин Урганчдаги мустақил ALC телеканалида журналист бўлиб ишладим. Қишлоқдан шаҳарга қатнаб ишлаганим боис, олган маошим йўл ҳаражатлари билан бир пасда тугарди. Тайёр кўйлак сотиб олишга пулим бўлмагани учун, эфирга кийиб чиққан кийимларимнинг деярли барчасини ўзим тикканман. Агар ота-онам қўлламаганида бу соҳасида қолишим даргумон эди. Онамнинг пенсия пуллари кунимга яраган.

Аммо оила қуришимда журналистика касби менга тўсқинлик қилган. “Озодлик” радиосига ишга ўтганимдан сўнг, йигитлар мендан ҳайиқадиган бўлишди. Ҳокимларни “пўстагини қоқадиган”, милиция ва прокуратурани ҳам “аямайдиган” журналист қизни қайси қайнона келин қилишни истайди дейсиз :) Кеч турмушга чиқдим. Бироқ севиб-севилиб оила қурдим. Балки шунча йил бахтимни кутиб, ёлғиз яшагандирман.

mehribon-sheisnomad

Журналистика соҳасига киргач, ҳақиқий курашчига айландим. Курашга кирган одамда эса қилган ишига ачиниш ёки афсусланиш бўлмайди. 2005 йил Андижон фожиасидан сўнг “Озодлик” радиосининг Тошкентдаги бюроси ёпилгач, радио мени Қозоғистонга мухбир қилиб жўнатди. Қозоғистонда уч йил, кейин Қирғизистонда икки йил “Озодлик” мухбири бўлиб ишладим. Сўнгра Прагада “Озодлик”нинг асосий офисида ишлашни бошладим. Бу йил журналистикага кириб келганимга 22 йил бўлди. Шундан 13 йили ватандан ташқарида ўтди. Мен кетганимдан сўнг туғилган жиянларим мактабга қатнаяпти. Яқинларимни соғинаман, қишлоғимни соғинаман. Боргим келади, аммо бора олмайман. Каримов режими нафақат менга ватан эшикларини ёпган, ҳатто онамнинг хорижга чиқишига расман тақиқ қўйган. Бугун мамлакатда вазият ўзгараяпти, бироқ мен ва оиламга қўйилган тўсиқлар ҳануз тўла олиб ташланмади.
 

Пойдевори муҳаббатдан қурилган оилада ўзаро ишонч ва ҳурмат кучли бўлади. Турмуш ўртоғим касбимга муҳаббатимни яхши англаган. Шу боис ишлашимга бирор монелик йўқ. Қолаверса, Европада оилали аёлнинг ишлаши учун кенг имконият ва қулайликлар мавжуд.

Журналистика осон эмас. Агар бу соҳага енг шимариб киргудай бўлсангиз, ортга қайтманг. Тўғри, “туртиласиз”, “йиқиласиз”, лекин қайта туриб яна олға юриш мумкинлигини унитманг!

Жумагуль

Жумагуль

Алиса

Алиса